Қуръонниинг тарқоқ тушиши ва унинг ҳикматлари
Қуръон йигирма уч йил давомида тарқоқ ҳолда тушди. Гоҳида бир, гоҳида икки-уч оят тушар эди, бир тушишида ўнта оятгача ҳам тушган вақтлар бўлган. Қуръон оятлари кишиларга яхшироқ сингиши ва қалбларга мустаҳкам жо бўлиши учун атроф-муҳитни, содир бўлаётган воқеаларни эътиборга олган ҳолда тушар эди. Мана шу ҳолда кишиларга ҳужжат бўлиши осон ва мўъжизакорлик қуввати янада ортар эди. Агар Қуръон тарқоқ ҳолда тушмаганда, одамларга баҳона топилиб, биз бунчалик кўп нарсани бажара олмаймиз, деган гапларни айтишлари мумкин эди. Аввал бир ёки бир неча оят тушгандан сўнг бир қанча фурсат ўтса, албатта, улар бундай баҳонани қила олмас эдилар.
Қуръоннинг тарқоқ тушишининг бошқа ҳикматлари ҳам бор. Шулардан бири – кишиларни ота-боболаридан қолиб келган урф-одатларидан ва ўзлари кўникиб қолган тузумларидан бирданига ажратиб бўлмас эди. Шунинг учун Қуръон аста-секин тушиб, юқорида зикр қилинган нарсаларни бирин-кетин Ислом келтирган тартиб ва қоидаларга алмаштирди.
Қуръоннинг тарқоқ тушиши ҳикматларидан яна бири – уни ёдлаш осон бўлиши учун эди. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг атрофидаги саҳобаларнинг кўпи ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Ахир, Қуръон бирдан тушса, уни ёдлаш қийин бўлиб қолар эди.
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом ва мўминлар ўз душманларидан узлуксиз озор, жафо чекиб турардилар, қийинчилик, машаққатларга учрардилар. Тоқатлари тоқ бўлган пайтларида Қуръон оятлари тушиб уларга тасалли берар, уларнинг қалбини тинчлантирар ва оғирларини енгил қилар эди.
Мусулмонлар ҳаётида турли ҳодисалар бўлиб турарди. Баъзан тушунмовчиликлар, бу ишнинг динимизда ҳукми қандоқ экан, деган саволлар пайдо бўларди. Шундоқ ҳолатларда оят тушиб, бу ишларга аралашар, тўғри йўлга солиб юборар ва саволларга жавоб берарди. Бу эса Қуръоннинг ҳаётга янада сингиб кетишига олиб келар эди.
Қуръони Каримнинг тарқоқ тушишлигининг энг улкан ҳикматларидан бири – унинг масдари, келиб чиққан жойига ишорат ва ҳақиқий илоҳий китоблигига ҳужжатдир. Ўйлаб кўринг, йигирма уч йил давомида ҳали у сурадан уч оят, ҳали бу сурадан икки оят, олдинма-кейин, баланд-паст бўлиб тушса-да, ҳаммаси йиғилиб бутун инсониятни тўғри йўлга бошлайдиган, бир ҳарфи ўз ўрнидан бошқа жойга тушмаган китоб ҳосил бўлса! Бу иш фақат ҳар нарсага қодир улуғ Аллоҳнинг қудратли ҳикмати билан бўлиши мумкин, холос.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.