ﺑﲐﺴﱹﻢﲌ ﭐﴦﴥﴤﲘ ﭐﻟﺮﲄﺣﱹﻤﱧ﮳ﻦﲌ ﭐﻟﺮﲄﺣﲔﻴﻢﲌ
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
ФОТИҲА СУРАСИ
Маккада нозил бўлган. 7 оятдан иборат.
Бу суранинг бир неча номи бўлиб, шулардан бири «Фотиҳа», яъни «очувчи» деганидир. Зеро, Қуръони Карим ушбу сура ила очилади. «Фотиҳа» сураси жуда ҳам фазилатли сура бўлиб, бу ҳақда бир қанча ривоятлар келтирилган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда:
«Убай ибн Каъб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида «Фотиҳа» сурасини ўқидилар, шунда ҳазрат:
«Менинг жоним тасарруфида бўлган Зот билан қасам ичаманки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қуръонда) ҳам бунга ўхшаш туширилмаган», дедилар.
«Фотиҳа» сураси оятларининг тафсирига киришишдан олдин, Қуръони Каримга оид энг машҳур икки истилоҳ: оят ва сура сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари ила танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
«Оят» сўзининг бир неча луғавий маъноси бор:
1. «Мўъжиза».
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Бани Исроилдан сўрагин, Биз уларга қанча очиқ-ойдин оят – мўъжиза берган эканмиз», деган.
2. «Белги-аломат».
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Албатта, унинг мулкининг оят-белгиси, сизларга Роббингиздан ичида сакина бор тобут келишидир», деган.
3. «Ибрат».
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Албатта, бунда оят – ибрат бордир», деган.
4. «Ажойиб иш».
Аллоҳ таоло «Муъминун» сурасида: «Ва Биз Ибн Марямни ва унинг онасини оят – ажойиб иш қилдик», деган.
5. «Бурҳон, далил».
Аллоҳ таоло «Рум» сурасида: «Осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингизу рангларингизнинг турли бўлиши Унинг оят-далилларидандир», деган.
6. «Жамоат».
Арабларда, қавм ўзининг ояти, яъни жамоаси билан чиқди, деган гап бор.
7. Қуръон ояти.
Уламолар истилоҳида эса оят деб Қуръон сураси таркибига кирган, бошланиши ва тугаши белгили сўзлар тоифасига айтилади.
Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луғавий маъноларни ўз ичига олган бўлади. Ҳа, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, ҳарф ва сўзлар жамоаси ва Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.
Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом ўрганган. У кишидан Пайғамбар алайҳиссалом, у зотдан эса мусулмонлар ўрганганлар.
Қуръони Каримдаги энг қисқа оят «Йаасийн» бўлиб, икки ҳарфдан иборатдир.
Энг узун оят эса «Бақара» сурасидаги «Қарз олди-берди» оятидир.
Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш маъноларини яхши тушуниб етишга ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради.
Қуръони Каримда оят сўзи кўплаб такрорланган. Оят сўзи баъзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маъноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқни англаб етилгандагина маъно тўғри тушунилади.
«Сура» сўзи луғатда қўрғон, манзил ва шараф маъноларини англатади.
Уламоларимиз истилоҳида эса сура – Қуръон оятларининг бошланиши ва тугаши белгиланган мустақил тоифасидир.
Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон оятларининг қўрғон ила ўралгандек бир тоифасига сура дейилади.
Қуръони Каримдаги энг қисқа сура «Кавсар» сураси бўлиб, уч оятдан, энг узун сура «Бақара» сураси бўлиб, 286 оятдан иборатдир.
ﺃﱁﻋﱻﻮﺫﱨ ﺑﲐﭑﴦﴥﴤﲘ ﻣﲘﻦﱺ ﭐﻟﺸﱞﻴﱦﻄﱔ﮳ﻦﲌ ﭐﻟﺮﲄﺟﲌﻴﻢﲌ
АЪУУЗУ БИЛЛАҲИ МИНАШ ШАЙТОНИР РОЖИЙМ
Қувилган Шайтон ёмонлигидан Аллоҳ паноҳини сўрайман.
Шайтон Аллоҳга исён қилиб, Одам Атога қуллуқ қилмай гуноҳкор бўлгани учун Аллоҳ уни лаънатлаган, ҳузуридан қувган ва раҳматидан узоқ қилган. Мазкур маънолар барчаси «рожийм» сўзида ўз ифодасини топган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Агар Қуръон ўқисанг, шайтонир рожиймнинг ёмонлигидан Аллоҳнинг паноҳини сўрагин», деган.
Шунинг учун ҳар бир Қуръон ўқувчи киши қироатни, «Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм» билан бошламоғи лозим, акс ҳолда, гуноҳкор бўлади.
ﺑﲐﺴﱹﻢﲌ ﭐﴦﴥﴤﲘ ﭐﻟﺮﲄﺣﱹﻤﱧ﮳ﻦﲌ ﭐﻟﺮﲄﺣﲔﻴﻢﲌ
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи ила бошлайман
ﭐﻟﱀﺤﱺﻤﱦﺪﱻ ﴦﲘﴥﴤﲘ ﺭﱺﺏﲃﲌ ﭐﻟﱀﻌﱧ﮳ﻠﱁﻤﲘﻴﻦﱺﳁﳃﳀ
1. Ҳамд оламларнинг Робби – Аллоҳгадир.
ﭐﻟﺮﲄﺣﱹﻤﱧ﮳ﻦﲌ ﭐﻟﺮﲄﺣﲔﻴﻢﲌﳁﳄﳀ
2. У Роҳман ва Роҳиймдир.
ﻣﱧ﮳ﻠﲘﻚﲔ ﻳﱧﻮﱹﻡﲌ ﭐﻟﺪﲃﲘﻳﻦﲌﳁﳅﳀ
3. Жазо-мукофот кунининг эгасидир.
ﺇﲐﻳﱱﺎﻙﱔ ﻧﱧﻌﱦﺒﱨﺪﱻ ﻭﱺﺇﲐﻳﱱﺎﻙﱔ ﻧﱧﺴﱹﺘﱧﻌﲘﻴﻦﱻﳁﳆﳀ
4. Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз.
ﭐﻫﱹﺪﲘﻧﱧﺎ ﭐﻟﺼﲃﲔﺮﱺ﮴ﻁﱔ ﭐﻟﱀﻤﱨﺴﱹﺘﱧﻘﲘﻴﻢﱧﳁﳇﳀ
5. Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин.
ﺻﲔﺮﱺ﮴ﻁﱔ ﭐﻟﱋﺬﲘﻳﻦﱺ ﺃﱁﻧﱦﻌﱧﻤﱦﺖﱺ ﻋﱺﻠﱁﻴﱦﻬﲌﻢﱦﳁﳈﳀ
ﻏﱔﻴﱦﺮﲌ ﭐﻟﱀﻤﱧﻐﱦﻀﱻﻮﺏﲌ ﻋﱺﻠﱁﻴﱦﻬﲌﻢﱦ ﻭﱺﵖﱔﵐ ﭐﻟﻀﲄﺂﻟﱊﲘﻴﻦﱺﳁﳉﳀ
6-7. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига. Ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас.