Қуръон тушишининг бошланиши
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 40 ёшга етганларида ёлғизликни хоҳлаб қолдилар. Макка атрофидаги тоғлардан биридаги «Ҳиро» номли ғорга кириб, бир неча кунлаб «таҳаннус» деб аталган ибодат қилардилар. Яъни ёлғиз ҳолда, дунё ишлари ҳақида, ундаги разолатларни қандоқ йўқотиш, ҳақиқатни, адолатни юзага чиқариш ва бошқа фазилатлар тўғрисида фикр юритардилар. Баъзида уйга озиқ-овқат учун тушардилар ёки уйдан озиқ-овқатни келтиришарди. Бу ҳам Аллоҳ таоло тарафидан у зотни пайғамбарликка тайёрлаш эди.
Кунлардан бирида ғор оғзига чиқишлари билан «Ўқи!» деган гулдурос овозни эшитдилар ва «Ўқишни билмайман», деб жавоб бердилар. Бир нарса елкаларидан сиқди-да, қўйиб юбориб, яна «Ўқи!» деди, у киши яна «Ўқишни билмайман», дедилар. Шу тариқа уч марта такрорлангандан сўнг гулдурос овоз «Алақ» сурасининг биринчи беш оятини ўқиди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг сўзлари тошга битилгандек ёд бўлиб қолди. У киши нима бўлаётганини тушуна олмай, қўрқиб кетдилар ва шошиб уйларига ранглари оқарган ҳолатда кириб бориб: «Мени ўраб қўйинглар», деб ётиб олдилар. Бўлган воқеани хотинлари Хадийжа онамизга сўзлаб бердилар. У киши: «Яхшилик бўлса керак, чунки сиз доимо барчага яхшилик қиласиз, сиздай одамга ёмонлик етмайди», деган маънодаги сўзларни айтиб, амакилари Варақа ибн Навфалнинг олдига йўл олдилар. Варақа кўпни кўрган, илоҳий китоблардан бохабар, улуғ ёшдаги киши эди. Ҳадийжа онамиздан бўлган воқеани эшитгач: «Суюнчи бер, жиян, Муҳаммадга Мусо Пайғамбарга келган фаришта келибди, у охирги умматнинг Пайғамбари бўлибди», деди. У, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан ҳам гаплашиб, иш нимада эканини тушунтирди.
Бу, инсоният тарихидаги энг бахтли кун эди. Чунки инсоният маълум бир босқичга етган пайтида Аллоҳ таоло Ўзининг баркамол дини бўлмиш Исломнинг дастури – Ўзининг охирги китобини Ўзининг сўнгги Расулига туширишни бошлаган эди. Шу кундан эътиборан адашиб юрган инсониятга Аллоҳ таолонинг Ўзи яна йўл кўрсатишни бошлаган эди. Арш билан ер орасида яна қайтадан боғланиш бошланган эди. Шу кундан инсоният тарихида бахтли соатлар саноғи бошланди. Аста-секин оятлар тушаверди. Бу жараён 13 йил Маккада ва 10 йил Мадинада – жами 23 йил давом этди.
Қуръон суралардан иборатдир, сура Қуръоннинг бир бўлаги бўлиб, уч ёки ундан кўп оятни ўзи ичига олади.
Қуръонда 114 та сура бўлиб, улардан ҳар бирининг ўз номи бор. Баъзи сураларнинг исми суранинг аввалидаги сўздан олинган. Баъзилариники эса ўша сурада зикри кўпроқ келган нарсаларнинг номига қўйилган.
Қуръон суралари икки қисмга бўлинади:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан аввал тушган суралар – «маккий суралар» (Маккада тушган) дейилади.
2. Ҳижратдан кейингилари эса – «маданий суралар» (Мадинада тушган) дейилади.
Маккий оятлар Аллоҳнинг ягоналиги ва сифатлари, Қуръон ва Пайғамбар ҳақлиги, мушриклар танқиди, ўтган умматлар қиссаси, мусулмонларнинг ахлоқи қандоқ бўлиши, қиёмат куни, Одам Ато ва шайтон қиссаси, эътиқод масаласи каби мавзуларни баён қилади. Маккий оятлар одатда қисқа бўлади, ичида «Калла» лафзи, «Яаа айюҳаннаасу» жумласи бўлади.
Маданий оятларда эса шаръий ҳукмлар, ибодатлар, жиноятчиларни жазолаш, мунофиқлар ҳақида, уруш ва халқаро алоқалар каби мавзуларда сўз юритилади. Улар узун-узун бўлади.
Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиш-ёзишни ўрганмаганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон оятларини фариштадан эшитиб ёдлаб олар эдилар. Чунки ўша вақтда ўқиш-ёзишни биладиган одамлар жуда ҳам кам бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида ёзишни биладиган одамлар, шу жумладан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб каби кишилар ўзларига муяссар бўлган хурмонинг пўстлоғими, япалоқ тошларми, катта суякларми, терими, қоғозми ва шунга ўхшаш нарсаларга Қуръонни ёзиб борганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга янги тушган оят қайси сурадан эканини ва қаерда туриши лозимлигини кўрсатиб берганлар.
Шундай қилиб йигирма уч йил давомида Қуръон фаришта орқали тушиб ҳам бўлган. Пайғамбаримиз ва саҳобалар ёдлаб ҳам бўлишган ҳамда ёзишни биладиганлар ёзиб ҳам бўлишган.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф