«Тафсири Ҳилол» ўқувчиларига




Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қуръонни инсоният учун қиёматгача боқий ҳидоят маёғи, барчани ожиз қолдирувчи баёни ва икки дунё саодатига элтувчи дастуруламал қилиб нозил этган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!

Қуръонни Роббул оламийндан қабул қилиб олган, уни бутун оламларга омонат ила етказган, ҳам ўқишни, ҳам уқишни ўргатган, ҳаётга тамомийла татбиқ этиб кўрсатган севимли пайғамбаримиз, Аллоҳ таолонинг ҳабиби Муҳаммад ал-Амийнга энг пок ва энг юксак саловоту дурудлар бўлсин!

Жаннат йўлининг йўлбошчиси, пайғамбарларнинг саййиди, оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръонни ҳарфма-ҳарф ихлос ила қабул этиб олиб, бутун вужудларига сингдириб, унга оятма-оят амал қилиб, заминда икки оёқ-ла одим отиб юрувчи жонли қуръонларга айланган саҳобаи киромлардан Қуръонни нозил этган Зот – Аллоҳ таоло рози бўлсин.

Ўтган жамики аҳли Қуръонларни, Унга эътиқод қилган аҳли иймонларни, Уни қалблари ила тасдиқлаган аҳли ирфонларни, Унга амал қилган аҳли Исломларни уларга Қуръонни берган Зот Ўзидан бошқа молик йўқ кунда Қуръон шафоати ила Ўз раҳмати ила қамраб олсин!

Аммо баъду, азиз ва муҳтарам тафсирхон! Аввало ўз Роббиси афвига муҳтож, сиздек мухлисларнинг дуосига соҳиби эҳтиёж камина ходимингизга Сиз жанобни умрингиздаги энг савобли, энг баракали ва энг фойдали фаолиятнинг ибтидоси ила муборакбод этишга лутфу карам ила ижозат бергайсиз.

Зотан, жаноби олийингиз Аллоҳ таоло берган муборак қўлингизга Аллоҳ азза ва жалла нозил этган муборак китобнинг тафсирини олдингиз. Энди, сиз муҳтарам, муборак кўзингиз нурини тўкадиган сатрлар, ердан чиққан маъноларни англатувчи сатрлар эмас, балки етти осмоннинг устидан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг даргоҳидан энг ишончли ва энг муқарраб фаришта олиб тушган илоҳий каломини, унинг маъноларини, унинг тафсирини англатувчи сатрлар эканлигини бир лаҳза ҳам унутмаслигингиз лозиму лобуддир.

Ҳа, азиз ва муҳтарам тафсирхон! Сиз одатдаги оддий фаолиятни амалга ошираётганингиз йўқ. Сиз муҳтарам, фавқулодда бир фаолиятни бошламоқдасиз, каломи Роббул оламийнни ўқимоқдасиз, Қуръони Карим оятлари маъносини ўқимоқдасиз, илоҳий дас­тур тафсирини ўқимоқдасиз. Зоти олийларига маълумки, фавқулодда ишни бажариш учун фавқулодда ҳозирлик, фавқулодда ғайрат, фав­қулодда эътибор ва фавқулодда саъй-ҳаракат зарурдир. Мазкур нарсалар рўйхати ибтидосида таҳорат(поклик) деб аталмиш, жуда ҳам улуғ ва зарур нарса туради. Ҳа, Тоҳир – пок сифати ила сифатланган Зот – Аллоҳ таолонинг каломи поки бўлмиш, Арши аълодаги пок саҳифаларга битилмиш, у ердан самои дунёга пок фаришталар воситаси ила индирилмиш Қуръони Карим ила бўладиган ҳар бир боғланиш, ҳар бир алоқа фақатгина таҳорат – поклик орқали бўлмоғи вожиб. Ҳа, қадрли ва мўътабар тафсирхон, ҳозир сиз бошлаётган муборак фаолият учун поклик лозиму лобуддир. Поклик бўлганда ҳам, тўлиқ ва тўкис маънодаги поклик: ҳам моддий маънодаги поклик, ҳам маънавий маънодаги поклик лозимдир. Бинобарин, ушбу китобингизни ҳар сафар қўлингизга олишдан олдин таҳоратли бўлишга, кийим-бошингиз, маконингиз пок бўлишига алоҳида эътибор бериш масъулиятидадирсиз. Энг муҳими, маънавий поклик, дил поклигидир. Бу ишга алоҳида ғайрат сарфлашингиз мажбуриятингиздир. Чунки пок Парвардигорнинг пок каломини ўқиш-ўрганиш, уқиш-сингдириш учун пок бадан, пок либос, пок макон мавжудлиги ила пок ният, пок қалб, пок онг, пок эътиқод ва пок маънавият асосий шартдир. Зотан, пок нарсани қабул қилиб олиш учун пок жой керакдир. Роббул оламийннинг Ўзи каломи поки ҳақида:

«Уни покланганлардан ўзга тутмас», деб қўйибдир.

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг пок каломи эканлиги ҳақ. Агар бир банда мазкур каломи покни ихлос ила ўрганишга ҳаракат қилса, албатта фойда топар. Мабодо, бирор халал етса, банда айбни ўзидан ахтарсин.

Азиз ва муҳтарам тафсирхон, сиз Аллоҳ таолонинг каломини ўқиш-ўрганиш бахтига ноил бўлмоқдасиз. Ҳозиргача ўқиб юрган нарсаларингиз бандаларнинг каломи эди. Албатта, Аллоҳнинг каломи билан банданинг каломи орасида фарқ бўлиши муқаррар. Ушбу муқаррар фарқ қанчалик дейсизми? Яхшиси, бу саволни Каломуллоҳни биринчи бор Аллоҳ таолодан қабул қилиб олган инсон, Аллоҳ таолонинг каломига биринчи рўбарў бўлган зот, Каломуллоҳни инсониятга етказган зот – севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрайлик. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга имом Термизий Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадислари ила:

«Каломуллоҳнинг бошқа каломлардан фазли Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан фазличадир», деб жавоб берурлар. Энди, қанчалик улуғ ишга қўл ураётганимизни англаб етган бўлсак, ажаб эрмас. Ҳа, азиз тафсирхон, сиз билан биз ўрганмоқчи бўлаётган Каломуллоҳнинг бошқа каломлардан ортиқчалиги Аллоҳнинг бандадан қанча ортиқчалиги бўлса, шунча бордир. Ушбу улкан ҳақиқатни тушуниб етганимиздан сўнг, ўзимиз ўрганаётган каломи шарифнинг олий мақомига муносиб бўлмоққа интилишимиз лозим.

Ҳурматли тафсирхон, Аллоҳ таоло сиз билан бизга ушбу китоб орқали Ўзининг каломи шарифига ошно бўлишни насиб этиши ила улкан ва беназир саодатни ато этди. Сиз билан биз дунёдаги яккаю ягона, бир ҳарфи ҳам ўзгармай сақланиб келаётган, Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёмат қойим бўлгунча соф ҳолида сақлашни зиммасига олган муқаддас китобни ўрганиш бахтига муяссар бўлдик. Дунёда Қуръони Каримдан бошқа соф, ўзгаришга учрамаган илоҳий, самовий китоб йўқ. Қуръон нозил бўлгандан кейин аввалги илоҳий китобларнинг бари бекор қилинган. Бинобарин, сиз билан биз ­дунёдаги энг улуғ, энг муқаддас, энг пок, энг баракали китобни ўрганаётган бўламиз.

Ҳа, азиз тафсирхон! Сиз билан биз оддий китобни ўқиётганимиз йўқ. Сиз билан биз илоҳий китобни ўқимоқдамиз. Бу қилаётган ишимиз учун эса содиқул масдуқ сифатига эга бўлган, ҳар бир гаплари сидқдан иборат бўлган севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп башоратли ҳадислар ривоят этилган. Чунончи, имом Термизий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳабиби Роббул оламийн соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳнинг каломидан бир ҳарф ўқиса, унга ўша учун яхшилик ёзилур. Бир яхшилик эса ўн мислига кўпайтирилур. Алиф, Лаам, Мийм ҳарф демасман. Лекин, Алиф ҳарфдир, Лаам ҳарфдир, Мийм ҳарфдир», деганлар.

Кўрдингизми азизим, бир суранинг бошида келган Алиф, Лаам, Мийм бир эмас, уч ҳарфдир. Уларга биттадан учта савоб берилади. Сўнгра ўн мислича кўпайтирилиб ўттизга етказилади. Бу ваъда ўша ҳарфларни қироат қилган одамга. Аммо сиз билан биз ул муборак ҳарфларни қироат қилганимиздан сўнг маънолари таржимасини, сўнг эса тафсирини, уларга амал қилишни ҳам ўрганамиз. Бу ишлар мукофотига Роббимиз субҳанаҳу ва таолодан бериладиган ажру савобларни тушуниб олсак бўлаверади. Демак, қўлимиздаги китобимизнинг ҳар бир ҳарфини ўқишимиз учун алоҳида савоб оламиз. Ана шу бахтни ғанимат билмоқ эса бизнинг бурчимиздир.

Сиз муҳтарам, ўзингиз Каломуллоҳнинг тафсирини ўқиб ўлтирибсиз. Лекин сиз ёлғиз эмассиз. Ёнингизда ўзингизга бириктирилган икки фаришта билан бирга Қуръони Карим ўрганаётганингиз шарофати ила нозил бўлмиш сакийна ҳам бор. «Сакийна» деганимиз оддий кўзга кўринмас булутсимон нарса бўлиб, Аллоҳ таолонинг махлуқотларидандир. Унда хотиржамлик, раҳмат ва сокинлик бўлиб, у ила фаришталар ҳамроҳ бўладилар. Сакийна ила қалб мусаффо бўлиб, нурга тўлгани учун ҳам у «сакийна» номини олган. Бу гаплар ҳаводан олиб айтилган эмас. Бу гаплар Расули Роббул оламийн соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларидир.

Имом Бухорий, имом Муслим, имом Термизий Бароъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Бир киши сураи «Каҳф»ни қироат қиларди. Унинг оти олдига икки арқон ила боғлаб қўйилган эди. Уни бир булут ўраб олиб, айланиб унга яқинлаша бошлади. Оти эса чўчиб, ундан қоча бошлади. Тонг отгандан сўнг, ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга бўлган ҳодисани зикр этди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана ўша сакийнадир. Қуръон учун нозил бўлибдир», дедилар».

Бошқа ривоятлардан аниқланишича, мазкур саҳобий Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу бўлганлар. Отнинг типирчилашидан хавотирланиб қироатни тўхтатганларида, ҳалиги сакийна ҳам тўхтаган. От тинчланиб, қироатни қайта бошласалар, сакийна ҳам яна тушишда давом этган. Бу ҳол бир неча бор такрор бўлган.

Энди муҳтарам тафсирхонга қандоқ каломни ўрганаётгани яна ҳам равшан бўлгандир. Сиз билан биз ана ўша ўрганаётган нарсамизга муносиб ўрганувчи бўлишимиз даркор.

Эҳтимолки, сиз жанобингиз Каломуллоҳни ўқишда, ўрганишда, уқишда қийналарсиз. Тилингиз унча келишмас. Маъноларни тушунишингиз қийин бўлар. Чунки авваллари тартибли диний, Қуръоний таълим кўрмаган кишилар учун бу табиий бир ҳол. Лекин, агар шундоқ бўлганда ҳам, сиз ўксинманг. Яхшироқ билганимда тезроқ, кўпроқ ўқир эдим, савобни ҳам шунга яраша олардим, деб ҳасратланманг. Каломуллоҳни ўқишда, ўрганишда қийналганнинг ҳам ўзига яраша савоби бор.

Имом Бухорий, имом Муслим, имом Абу Довуд ва имом Термизий уммул мўминийн Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қуръонга моҳир киши элчи, ҳурматланган, итоаткор (фаришта)лар биландир. Қироат қилса-ю, бу унинг учун қийин бўлганга эса икки ажр бордир», деганлар.

Қуръонни яхшилаб ўрганиб, унга моҳир бўлган кишилар малакут оламида Қуръон ишини юритиб турувчи фаришталар билан бирга бўлар эканлар. Аммо, Қуръон ўрганишда қийналаётганларга икки ажр бор экан: Қуръон ўқигани учун бир ажр, ўқишда қийналгани учун бир ажр.

Қийинчиликсиз бир нарсага эришиб бўлмаслиги маълум. Одамлар бўлган-бўлмаганга, ҳаром-хариш ишлар учун ҳам қанчадан-қанча қийинчиликларга дош берадилар. Сиз билан биз энг шарафли, энг савобли, энг фойдали иш учун баъзи бир қийинчиликларга дучор бўлсак, нима қилибди. Аслини олиб кўрганда, Каломуллоҳ йўлидаги ҳар бир иш ҳузур-ҳаловат ва роҳат-фароғатдир. Асосий қийинчилик, асосий қийноқ, асосий бахтсизлик Каломуллоҳдан бехабар ва бебаҳра қолишликдир. Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган кимса, хароба уйга ўхшайдир», деганлар.

Бундай бўлишидан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин! Демак, сиз билан биз ушбу китобимиз орқали ўрганаётган ҳар бир нарса ила қалб уйимиз, иймон-эътиқод уйимиз, маънавият уйимиз обод бўлиб боради. Ушбу бахту саодат ҳам ҳар кимга муяссар бўлавермайди.

Ўзимиз уриниб Каломуллоҳни ўрганишимиз ила ажру савоблар берилиши, сакийна тушиши, қалб уйимизнинг харобаликдан чиқиб обод бўлиши ва яна шунга ўхшаш икки дунёмиз ободлиги учун кўпгина нарсаларга эришар эканмиз. Бу муборак ишга иложи борича кўпроқ, ихлос билан уринмоғимиз даркор.

Қадрли тафсирхон, ўзингиз ўрганмоқчи бўлиб турган, васфига сўз ожиз ушбу илоҳий дастурнинг моҳиятини яна ҳам аниқроқ тушуниб олишимиз учун бутун вужудимизни эътибор ва эҳтимом нуқтасига айлантирган ҳолда, ушбу китобни Аллоҳ таолодан қабул қилиб олган зотга мурожаат қилиб, уни васф этиб беришларини сўрайлик. У зоти бобаракот бизнинг бу саволимизга имом Термизий ал-Ҳорис ал-Аъвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф орқали жавоб берадилар. Ўша ҳадисда ал-Ҳорис ал Аъвар қуйидагиларни айтадилар:

«Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шўнғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб:

«Эй амирал мўминин, кўрмайсизми, одамлар турли гапларга шўнғибдилар», дедим.

«Дарҳақиқат, шуни қилибдиларми?» дедилар у киши.

«Ҳа», дедим. У киши қуйидагиларни айтдилар:

«Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлур!» деганларини эшитдим ва:

«Ундан чиқиш не ила бўлур, эй, Аллоҳнинг Расули?» дедим.

«Аллоҳнинг китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У фосил қилувчидир, ҳазил эмасдир. Ким бир жаббордан қўрқиб, Уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдирур. Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур. У – Аллоҳнинг метин арқонидир. У – ҳикматли зикрдир. У – сиротул мустақимдир. У – унинг ила ҳавойи нафслар тоймайдиган, У – унинг ила тиллар илтибосга тушмайдиган, У – уламолар ундан тўймайдиган, У – кўп такрорлаш билан эскирмайдиган ва ажойиблари тугамайдиган нарсадир. У – жинлар уни эшитишлари билан, дарҳол: «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир. Ким у билан гапирса, содиқ бўлур. Ким унга амал қилса, ажр олур. Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур. Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақимга ҳидоят қилинур», дедилар. Сўнгра у киши: «Мана буларни олгин, эй, Аъвар», дедилар».

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтиб берган бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг васфи батафсил баён қилинмоқда.

Инсоният тажрибасида бир марта бўлган нарсани қайта такрорлаш осондир. Бу тажрибани қайта такрорлаш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари бўлиши шарт эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи шуни ирода қилган. Ислом Аллоҳ таолонинг қиёмат қоим бўлгунча боқий қолувчи дини бўлгани учун, унинг доимий татбиқи, улуғ зот бўлсалар ҳам, фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига боғлиқ бўлиши мумкин эмас эди. Агар Исломнинг доимий татбиқи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига боғлиқ қилинганда, уни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин татбиқ қилмаслик керак бўлиб қолар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Исломнинг доимий татбиқини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига эмас, Қуръони Каримга боғлаб қўйди. Ва Қуръонни қиёмат қоим бўлгунча муҳофаза қилишни Ўз зиммасига олди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эса Қуръонни кишиларга бир марта тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатиб беришни топширди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу омонатни қойилмақом қилиб ўз ўрнида адо этдилар. Ул зот ўз умматларига Қуръонга амал қилган ҳолда тўлақонли ҳаёт кечиришни кўргазмали равишда жорий қилиб бердилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонларидан Қуръоннинг амалда татбиқ қилиб кўрсатилишига «суннат» дейилади. У зоти бобаракот ўзларига Аллоҳ таоло томонидан юклатилган топшириқни шараф ила адо этиб бўлиб, бу фоний дунёни тарк этаётган пайтларида умматларига хитоб қилиб:

«Ичингизда икки нарсани: Аллоҳнинг китобини ва ўзимнинг суннатимни қолдирдим. Агар иккисини маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз», дедилар.

Алҳамдулиллаҳ, икки дунё саодати кафолатини берувчи ило­ҳий дастур – Қуръон бор, уни қандоқ қилиб татбиқ қилиш бўйича қўлланма – суннат бор, унинг асосида дастурни амалга ошириш тажрибаси бор, демак, мусулмонлар бугунги кунда орзу қилаётган нарса хомхаёл эмас, айни воқеликдир.

Азиз ва муҳтарам тафсирхон, сиз билан биз ушбу тафсиримиз орқали Қуръони Каримнинг ҳар бир оятини ўқиб, ўрганиб, уқиб, унга ихлос билан амал қилар эканмиз, мазкур бўлиши муқаррар ва ўзи муқаддас орзунинг юзага келиши учун яна бир қадам босган бўламиз. Ана ўша улуғ ишга ўзимизнинг бир парча улушимизни қўшган бўламиз. Шунинг учун ўзимиз қилаётган ишнинг моҳиятини тушуниб етиб, унга муносиб бўлишга ҳаракат қилайлик.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф